Бу муаммо билан бизга энг кўп мурожаат қилишади. Яхши хабар: сабабини топиш учун қиммат аудит шарт эмас. Қуйидаги 7 та сабабни тартиб билан текшириб чиқсангиз, кўпинча муаммо қаердалиги ўзи кўриниб қолади.
Аввал: пул қаерда йўқоляпти?
Рекламадан сотувгача бўлган йўл бир нечта босқичдан иборат: одам рекламани кўради, босади, профилингиз ёки сайтингизга ўтади, ёзади, жавоб олади ва сотиб олади. Мижоз шу босқичларнинг бирида “тўкилади”. Шунинг учун биринчи савол “реклама ишлаяптими?” эмас, балки “қайси босқичда одам йўқоляпти?”.
- Кўришлар бор, босиш йўқ — муаммо креатив ёки таклифда (3- ва 4-сабаб).
- Босиш бор, ёзиш йўқ — муаммо профил ёки сайтда (5-сабаб).
- Ёзиш бор, сотув йўқ — муаммо жавоб бериш ва сотувда (6-сабаб).
- Ҳеч нарса аниқ эмас — натижа ўлчанмаяпти (7-сабаб).
1. Кампания мақсади нотўғри танланган
Мета (Инстаграм ва Фейсбук) рекламаси сиз сўраган нарсани беради. Мақсад “Қамров” ёки “Кўришлар” бўлса, тизим рекламани энг арзон кўрсатиладиган одамларга чиқаради — улар ёзмайди ҳам, сотиб ҳам олмайди. Пост остидаги “Реклама қилиш” (Боост) тугмаси ҳам кўпинча айнан шундай ишлайди.
Текширинг: Ads Manager’да кампания мақсади нима? Сизга хабар керак бўлса — “Хабарлар”, ариза керак бўлса — “Лидлар”, сайтдан харид керак бўлса — “Сотувлар”.
2. Аудитория нотўғри созланган
Энг кўп учрайдиган хатолар: Тошкентдаги хизмат бутун Ўзбекистонга кўрсатилади; маҳсулот фақат рус тилида сўзлашувчилар учун, реклама эса ҳаммага; ёки аксинча, аудитория шунчалик тор қилинганки, тизимга ўрганиш учун жой қолмаган.
Текширинг: жойлашув (шаҳар ва радиус), ёш, тил. Қизиқишларни ўнлаб қўшиб ташлаш шарт эмас — кўпинча аниқ география ва тўғри креатив кўпроқ натижа беради.
3. Таклиф заиф
Реклама яхши таклифни кўпайтиради, лекин ёмон таклифни тузатмайди. “Бизда сифатли мебель” — таклиф эмас. Таклиф бу: нима, кимга, қандай шартда ва нега айнан ҳозир. Нарх, кафолат, етказиб бериш муддати, бепул ўлчов — мижоз қарор қилиши учун керак бўлган нарсалар.
Текширинг: рекламангизни рақобатчиларингиз рекламаси ёнига қўйинг. Мижоз нега айнан сизга ёзиши керак? Жавоб бир гапда чиқмаса, муаммо шу ерда.
4. Креатив тўхтатмайди
Инстаграм лентасида одам ҳар бир постга бир-икки сония беради. Биринчи кадрда нима эканини тушунмаса, ўтиб кетади. Яна бир хато — битта расм ёки битта видео билан ойлаб ишлаш: аудитория уни кўравериб чарчайди.
Текширинг: биринчи сонияда маҳсулот ва фойда кўринадими? Бир вақтда 3–5 та турли креатив синаб кўринг ва қайси бири кўпроқ босилаётганига қаранг.
5. Профил ёки сайт ишонч уйғотмайди
Одам рекламани босди ва профилингизга ўтди. U ерда охирги пост уч ой олдин чиққан, нарх ҳақида ҳеч нарса йўқ, ишларингиз ва мижозлар фикри кўринмайди. Бундай ҳолатда одам ёзмайди — рекламага кетган пул шу ерда йўқолади.
Текширинг: профилингизни биринчи марта кўраётган мижоз кўзи билан очинг. 10 сонияда нима қилишингиз, қанча туриши ва нега сизга ишониш мумкинлиги тушунарлими? Бу иш СММ билан боғлиқ: реклама профилга одам олиб келади, профил эса уни мижозга айлантиради.
6. Жавоб кеч келади ёки сотув тизими йўқ
Бу реклама муаммоси эмас, лекин рекламани “ўлдиради”. Директга соатлаб жавоб берилмайди, пост остидаги “нархи қанча?” деган изоҳга “Директга ёздик” дейилади-ю, Директга ҳеч нарса келмайди, ёки менежер суҳбатни давом эттирмайди. Мижоз шу вақт ичида рақобатчига ёзиб бўлган бўлади.
Текширинг: бошқа аккаунтдан ўзингизга ёзиб кўринг. Жавоб қанча вақтда келди? Нарх айтилдими? Кейинги қадам таклиф қилиндими?
Рекламадан келган мурожаат — энг қиммат мурожаат. Унга энг тез жавоб берилиши керак.
7. Натижа ўлчанмайди
Мета Pixel ўрнатилмаган, қайси рекламадан нечта мурожаат келгани ёзиб борилмайди — қарорлар “ҳис” билан қабул қилинади. Яна бир хато: рекламани ҳар куни ўзгартириш. Ҳар бир катта ўзгаришдан кейин тизим қайтадан ўрганади ва натижа барқарорлашмайди.
Текширинг: сайтингизда Pixel борми, ариза юборилиши ҳодиса сифатида ёзиляптими? Ҳар ҳафта оддий жадвал юритинг: сарфланган пул, мурожаатлар сони, сотувлар сони. Рекламани камида бир ҳафта катта ўзгаришсиз ишлашига имкон беринг.
Қисқа хулоса
Рекламадан мижоз келмаса, аввал қайси босқичда йўқотаётганингизни аниқланг, кейин фақат ўша босқични тузатинг. Буджетни ошириш ёки “бошқа таргетолог топиш” — охирги қадам, биринчи эмас.
Агар ҳаммасини текшириб чиқиб, муаммо топилмаса ёки буни ўзингиз қилишга вақтингиз бўлмаса, таргет реклама хизматимиз айнан шу ишни қилади. Биринчи консультация бепул: ҳозирги рекламангизни кўриб, қаерда йўқотаётганингизни бирга аниқлаймиз.