БЛОГ

ROAS, ROMI ва ROI: реклама ва маркетинг фойдасини қандай ўлчаш

“Реклама ўзини оқлаяптими?” — бу саволга учта кўрсаткич жавоб беради. Улар ўхшаш эшитилади, лекин ҳар бири бошқа нарсани ўлчайди. Чалкаштирсангиз, зарар кўраётган рекламани “ишлаяпти” деб ўйлашингиз мумкин.

ROAS, ROMI ва ROI: реклама ва маркетинг фойдасини қандай ўлчаш

Қисқаси: ROAS — рекламага сарфланган ҳар бир сўм қанча тушум олиб келди. ROMI — бутун маркетинг харажати фойда билан қопландими. ROI — бизнесга қўйилган исталган инвестиция ўзини оқладими. Қуйида ҳар бирини битта мисол орқали кўрамиз.

ROAS: реклама қанча тушум келтирди

ROAS = рекламадан келган тушум ÷ реклама харажати.

Мисол: бир ойда рекламага 10 млн сўм сарфладингиз, шу рекламадан келган мижозлар 40 млн сўмлик харид қилди. ROAS = 40 ÷ 10 = 4. Бошқача айтганда, ҳар 1 сўм рекламага 4 сўм тушум келди (баъзан 400% деб ёзилади).

ROAS — таргетолог учун асосий кўрсаткич: қайси кампания, қайси аудитория, қайси креатив кўпроқ тушум олиб келяпти. Лекин унинг битта камчилиги бор: у тушумни кўрсатади, фойдани эмас. 40 млн сўм тушумнинг катта қисми таннарх, иш ҳақи ва бошқа харажатларга кетади.

ROMI: маркетинг фойда келтирдими

ROMI = (маркетингдан келган ялпи фойда − маркетинг харажатлари) ÷ маркетинг харажатлари × 100%.

Бу ерда икки фарқ бор. Биринчиси — тушум эмас, фойда олинади. Иккинчиси — фақат реклама эмас, бутун маркетинг харажати: реклама бюджети, СММ, дизайн, видео, агентлик хизмати.

Мисолни давом эттирамиз. Ялпи фойда (тушумдан таннарх айирилгандан кейин қолган қисм) 40% бўлсин. 40 млн сўм тушумдан ялпи фойда — 16 млн сўм. Маркетинг харажати: реклама 10 млн + контент ва агентлик 4 млн = 14 млн сўм.

ROMI = (16 − 14) ÷ 14 × 100% ≈ 14%.

ROAS 4 чиройли кўринади, лекин бу мисолда маркетинг ҳар 1 сўмга атиги 14 тийин фойда қайтаряпти. Агар маржа 30% бўлганида, худди шу ROAS билан бизнес зарар кўрган бўларди.

ROI: инвестиция ўзини оқладими

ROI = (инвестициядан келган фойда − инвестиция) ÷ инвестиция × 100%.

ROI — энг кенг кўрсаткич. U нафақат маркетингга, балки исталган сармояга қўлланади: янги филиал, ускуна, CRM тизими, ходимларни ўқитиш. Мисол: CRM тизимини жорий қилишга 12 млн сўм кетди, бир йилда у йўқолаётган сўровларни камайтириб, 18 млн сўм қўшимча фойда берди. ROI = (18 − 12) ÷ 12 × 100% = 50%.

Амалда кўпчилик “реклама ROI’си” деганда ROMI’ни назарда тутади. Бу хато эмас, фақат суҳбатдошингиз нимани ҳисоблаётганини аниқлаштиринг: тушумними, фойданими, қайси харажатлар қўшилганини.

Қайси бири қачон керак

  • ROAS — кампанияларни бир-бири билан солиштириш ва бюджетни қайта тақсимлаш учун. Ҳар ҳафта ёки ҳар ой.
  • ROMI — “маркетингга кетаётган пул ўзини оқлаяптими?” деган савол учун. Ой охирида ва чорак якунида.
  • ROI — катта қарорлар учун: янги йўналиш очиш, тизим сотиб олиш, ходим ёллаш.

Зарарсиз ROAS: минимал чегарани билинг

Ҳар бир бизнесда реклама зарар келтирмаслиги учун керак бўлган минимал ROAS бор. Формула оддий: зарарсиз ROAS = 1 ÷ маржа.

Маржа 40% бўлса, зарарсиз ROAS = 1 ÷ 0,4 = 2,5. Яъни рекламага сарфланган ҳар 1 сўм камида 2,5 сўм тушум олиб келиши керак — шунда фақат реклама харажати қопланади. Агентлик, контент ва бошқа харажатларни ҳам қоплаш учун чегара юқорироқ бўлади.

Бу рақамни билсангиз, таргетолог ҳисоботида “ROAS 2” ни кўрганингизда дарҳол тушунасиз: бу кампания пул йўқотяпти.

Тез-тез учрайдиган хатолар

  • Тушумни фойда деб ҳисоблаш. ROAS юқори, лекин маржа паст — натижада зарар.
  • Фақат биринчи харидни ҳисоблаш. Агар мижоз бир йил давомида 3–4 марта қайтиб келса, реклама биринчи хариддан кўра кўпроқ фойда келтирган. Такрорий хариди кўп бизнесларда буни алоҳида ҳисобланг.
  • Сотувни манбага боғламаслик. Мижоз қаердан келганини билмасангиз, ҳеч қайси кўрсаткични ҳисоблаб бўлмайди. Энг оддий усул — ҳар бир янги мижоздан “Бизни қаердан билдингиз?” деб сўраш; сайтда — UTM белгилар ва Мета Pixel.
  • Жуда қисқа давр бўйича хулоса. Қурилиш, B2B, қиммат хизматларда мижоз бир неча ҳафта ўйлайди. Бир ҳафталик ROAS бундай соҳада ҳақиқий натижани кўрсатмайди.
  • Маркетинг харажатининг бир қисмини унутиш. Агентлик ҳақи, дизайнер, видео суратга олиш — буларсиз ROMI ҳақиқатдан яхши чиқади.

Ҳисоблаш учун нима керак

Тўрт нарса етарли:

  • Реклама харажати — реклама кабинетидан.
  • Бошқа маркетинг харажатлари — СММ, дизайн, видео, агентлик.
  • Сотувлар рўйхати — ҳар бир сотув қайси манбадан келгани билан (Excel ёки CRM).
  • Ўртача маржа — бухгалтерия ёки ўзингизнинг ҳисобингиздан.

Шу тўрттаси билан ROAS ва ROMI’ни ойига бир марта 15 дақиқада ҳисоблаш мумкин. Бундан кейинги савол эса ўзи туғилади: қайси каналга бюджетни ошириш, қайси бирини тўхтатиш керак.

Якун

ROAS кампанияларни бошқариш учун, ROMI маркетинг фойда келтираётганини билиш учун, ROI катта қарорлар учун керак. Бизнес эгаси учун энг муҳим савол — ROMI мусбатми, яъни маркетинг харажати фойда билан қопланяптими. Бошқа ҳамма рақамлар шу саволга жавоб топишга ёрдам беради.

Рақамларингизни бирга кўриб чиқмоқчи бўлсангиз — бепул консультацияга реклама харажати ва сотувлар рўйхатини олиб келинг, рекламангиз ўзини оқлаётганини бирга ҳисоблаймиз.

Кўп бериладиган саволлар

Умумий “тўғри” рақам йўқ, у маржангизга боғлиқ. Зарарсиз ROAS = 1 ÷ маржа: маржа 40% бўлса — 2,5, 25% бўлса — 4. Ҳақиқий ROAS шу чегарадан юқори бўлиши керак.

Яқин, лекин бир хил эмас. ROMI фақат маркетинг харажатларини ўлчайди, ROI эса исталган инвестицияни. Амалда “реклама ROI’си” деганда кўпинча ROMI назарда тутилади.

Реклама харажати кабинетда бор. Тушумни қўлда йиғиш керак: Директдан келган ҳар бир буюртмани манбаси билан жадвалга ёзинг. Ой охирида рекламадан келган сотувлар суммасини харажатга бўлинг.

Damar’да ой охиридаги ҳисоботда реклама кўрсаткичлари, сўровлар сони ва битта сўров нархи берилади. ROAS ва ROMI учун мижоздан сотувлар ва маржа маълумоти керак — улар берилса, ҳисоб бирга қилинади.

← Барча мақолаларТаргет реклама →

Рекламангизни бирга кўриб чиқамизми?

Биринчи консультация бепул: ҳозирги ҳолатни кўриб, кейинги қадамни айтамиз.

Бепул консультация олиш