“Инстаграмни юритиб берасизми, қанча туради?” — бизга энг кўп бериладиган саволлардан бири. Жавобни тўғри баҳолаш учун аввал нарх нимадан ташкил топишини тушуниш керак. Акс ҳолда арзон таклиф қимматга тушади, қиммати эса ортиқча бўлиб чиқиши мумкин.
Нарх нимадан ташкил топади?
“Инстаграм юритиш” — битта иш эмас, бир нечта алоҳида ишнинг йиғиндиси. Ҳар бир таклифда улардан қайсилари борлигини текширинг.
- Стратегия ва контент режа — кимга, нима ҳақида ва қандай мақсадда гапирамиз. Бу бўлмаса, постлар шунчаки “саҳифа бўш турмасин” учун чиқади.
- Контент ишлаб чиқариш — дизайн, матн, фото, Рилс. Нархнинг энг катта қисми одатда шу ерда: видео учун мобилограф ёки видеограф чиқиши, монтаж ва графика вақт талаб қилади.
- Саҳифани юритиш — постларни жойлаш, сторис, изоҳлар ва Директдаги саволларга жавоб, негатив билан ишлаш.
- Таргет реклама — контентни керакли одамларга етказиш. Бу хизмат алоҳида ёки пакет ичида бўлиши мумкин.
- Аналитика ва ҳисобот — нима ишлади, нима ишламади ва кейинги ойда нимани ўзгартирамиз.
Арзон таклифда кўпинча фақат “пост жойлаш” бўлади: тайёр шаблон, интернетдан олинган расм, стратегия ва ҳисоботсиз. Бу хизмат ҳам бор жойи бор, лекин ундан мижоз оқими кутиш нотўғри.
Реклама буджети нархга кирадими?
Одатда йўқ, ва бу муҳим фарқ. Хизмат нархи — жамоанинг иши учун. Реклама буджети эса тўғридан-тўғри Метага (Инстаграм ва Фейсбук) тўланади ва алоҳида режалаштирилади. Таклифни солиштираётганда шуни аниқланг: бу суммага реклама буджети киритилганми ёки йўқми. Акс ҳолда икки хил нарсани солиштирган бўласиз.
Ким юритади: фрилансер, ички Сммчи ёки агентлик?
Учала вариантнинг ҳам ўз ўрни бор. Тўғри танлов бизнесингиз ҳажми ва мақсадингизга боғлиқ.
Фрилансер
Арзонроқ ва тез бошлаш мумкин. Лекин битта одам стратегия, дизайн, видео, матн ва рекламани бир хил даражада яхши қила олиши кам учрайди. Касал бўлса ёки бошқа лойиҳага ўтиб кетса, саҳифа тўхтаб қолади.
Ички Сммчи
Бизнесни яхши билади ва доим ёнингизда. Аммо унга ойлик, иш жойи ва техника керак, видео ва дизайн учун эса барибир қўшимча одам ёки пудратчи излайсиз. Уни бошқариш ва натижасини баҳолаш ҳам сизнинг зиммангизда.
Агентлик
Стратегия, дизайн, видео, матн ва таргет битта жамоада. Иш шартнома асосида, ойлик ҳисобот билан боради. Камчилиги — нархи фрилансердан юқори ва бизнесингиз ҳақида маълумотни жамоага ўзингиз етказиб туришингиз керак.
Қисқа қоида: саҳифа “бўш турмасин” десангиз — фрилансер етади. Инстаграм мижоз олиб келиши керак бўлса — стратегия, контент ва реклама битта тизимда ишлаши керак.
Келишувдан олдин бериладиган 6 та савол
Ким билан ишлашингиздан қатъи назар, қуйидаги саволларга аниқ жавоб олинг:
- Ойига қанча ва қандай контент чиқади: постлар, сторис, Рилс сони?
- Фото ва видеони ким суратга олади ва бу нархга кирадими?
- Реклама буджети нархга кирадими ва уни ким бошқаради?
- Қайси кўрсаткичлар кузатилади ва ҳисобот қачон, қандай шаклда берилади?
- Аввал қилинган ишларни кўрсата оладими?
- Шартнома борми ва ҳамкорликни қандай шартларда тўхтатиш мумкин?
“Биринчи ойда 10 000 обуначи” ёки “кафолатланган сотув” каби ваъдаларга эҳтиёт бўлинг. Натижа маҳсулот, нарх, рақобат ва сотув бўлимига ҳам боғлиқ — буни ҳеч ким олдиндан кафолатлай олмайди.
Damar’да қанча туради?
СММ хизматимиз $1,500 дан бошланади. Унга стратегия ва контент режа, дизайн, фото ва видео контент, Рилс, саҳифани юритиш, таргет рекламани созлаш ва ойлик ҳисобот киради. Якуний нарх мақсад ва контент ҳажмига қараб белгиланади, реклама буджети эса алоҳида.
Сизга тўлиқ СММ керакми ёки фақат бир қисми — масалан, фақат таргет реклама ёки видео — буни биринчи бепул консультацияда бирга аниқлаймиз.