Янги йил акцияси кўпинча 20-декабрьда, “бошқалар ҳам қиляпти” деган фикр билан бошланади: тез дизайн, “-30%” ёзуви, битта пост ва реклама. Натижа — сотув бироз ошади, лекин фойда ўтган ойдан кам чиқади. Қуйида буни қандай олдини олиш ҳақида.
1. Қачон бошлаш керак
Акция декабрьда ўтади, лекин тайёргарлик ноябрьда бўлади:
- Ноябрь: мақсад, таклиф, нарх ҳисоб-китоби, креативлар ва видеолар. Ноябрь охиридаги “Қора жума” — акцияни синаб кўриш учун яхши имконият.
- 1–20-декабрь: асосий давр. Одамлар совға ва йил якуни харидларини режалаштиради.
- 20–31-декабрь: “охирги имконият” босқичи. Етказиб бериш муддати ва совға қадоқлаш шу ерда ҳал қилади.
- 1–10-январь: кўп соҳада суст давр. Бу вақтга катта бюджет қўйманг.
Декабрьда реклама рақобати ошади ва битта кўриш қимматлашади. Олдиндан тайёр креатив ва синалган аудитория билан кирган бизнес бир хил пулга кўпроқ натижа олади.
2. Чегирмадан олдин ҳисоб
Чегирма фоизи фойдадан олинади, айланмадан эмас. Оддий мисол: маҳсулот 100 сўм, таннарх ва харажатлар 70 сўм, фойда 30 сўм. 20% чегирма берсангиз, нарх 80 сўм, фойда эса 10 сўм қолади — уч баробар кам. Аввалги фойдани олиш учун уч баробар кўп сотишингиз керак.
Шунинг учун акцияни бошлашдан олдин битта саволга жавоб беринг: чегирмадан кейин битта сотувдан қанча фойда қолади ва шунча сотувни реклама олиб кела оладими?
3. Қайси таклифлар ишлайди
Чегирма — ягона ва энг қиммат вариант. Кўпинча қуйидагилар яхшироқ ишлайди:
- Тўпламлар (бандл). Икки-уч маҳсулот бирга, алоҳида олгандан арзонроқ. Ўртача чек ошади, фойда камроқ ейилади.
- Совға қўшиш. Нархни тушириш ўрнига харидга совға. Мижоз учун қиймат юқори, сиз учун таннарх паст.
- Совға сертификатлари. Кимга нима олишни билмайдиганлар учун энг осон харид. Пул декабрьда келади, хизмат январь-февральда кўрсатилади.
- Корпоратив совғалар (B2B). Компаниялар ходим ва ҳамкорларга совға олади. Алоҳида таклиф, улгуржи нарх ва брендлаш билан чиқинг.
- Муддатли таклиф. Аниқ тугаш санаси билан. Муддат ҳақиқий бўлиши шарт — 31-декабрьдан кейин ҳам давом этган “охирги кун” ишончни йўқотади.
4. СММ ва реклама қандай бўлинади
Акцияни битта пост билан эълон қилиш етмайди. Ишлайдиган тартиб:
- Илиқ аудиториядан бошланг. Обуначилар, сайтга кирганлар, видеони кўрганлар, Телеграм базаси — улар биринчи бўлиб сотиб олади ва реклама улар учун арзонроқ.
- Ҳар бир таклифга алоҳида креатив. “Ҳамма нарсага чегирма” эмас, аниқ маҳсулот, аниқ нарх, аниқ муддат.
- Рилс ва сторис. Маҳсулот қўлда, совға қадоқда, етказиб бериш жараёни — реал кадрлар дизайн плакатдан яхшироқ сотади.
- Жавоб тезлиги. Декабрьда директ ва изоҳларга ёзганлар кўпаяди. Жавобсиз қолган ҳар бир хабар — бошқа дўконга кетган мижоз.
Таргет реклама акцияни янги одамларга етказади, СММ эса келган одамга сотиб олиш учун сабаб беради. Бири иккинчисисиз ярим ишлайди.
Реал мисол: Irtem Stroy Market саҳифасида охирги 90 кунда энг кўп янги обуначи олиб келган пост айнан акция пости бўлди. Аниқ маҳсулот ва аниқ таклиф бўлган акция қурилиш ускуналари каби “зерикарли” соҳада ҳам ишлайди.
5. Пулни беҳуда кетказадиган 5 та хато
- Сохта чегирма. Нархни олдин кўтариб, кейин “-50%” қилиш. Мижозлар нархни эслаб қолади ва изоҳларда ёзади.
- Ҳисобсиз чегирма. Кўп сотилди, лекин фойда ўтган ойдан кам.
- Кеч бошлаш. 25-декабрьда бошланган акция қиммат реклама ва чарчаган аудиторияга тушади.
- Мураккаб шартлар. “3 та дўстни белгиланг, 5 та саҳифага обуна бўлинг…” — бундай конкурслар бот ва тасодифий обуначи олиб келади, мижоз эмас.
- Ўлчамаслик. Акциядан қанча сўров ва сотув келганини билмасангиз, кейинги йил яна тахмин билан бошлайсиз.
Якун: акция режаси учун 5 савол
1-декабрьгача шу саволларга ёзма жавоб беринг: акциянинг мақсади нима (сотув, янги мижоз, эски товарни сотиш)? Таклиф нима ва ундан кейин қанча фойда қолади? Қайси саналарда бошланиб, қачон тугайди? Қайси каналлар ва қанча бюджет? Натижани қандай ўлчайсиз?
Агар акция режасини бирга тузмоқчи бўлсангиз — бепул консультацияда таклиф ва бюджетни ҳисоблаб берамиз.