Конверсия — бир босқичдан кейингисига ўтган одамлар улуши. Рекламани кўрган 1 000 кишидан 20 таси саҳифага кирди — конверсия 2%. Саҳифага кирган 20 кишидан 2 таси ёзди — 10%. Ёзган 2 кишидан 1 таси сотиб олди — 50%.
Формула битта: конверсия = кейинги босқичга ўтганлар ÷ олдинги босқичдагилар × 100%.
Бизнесда қайси конверсиялар бор
Инстаграм орқали сотадиган бизнес учун занжир одатда шундай:
- Реклама конверсияси (CTR) — рекламани кўрганлардан нечтаси босди. Креатив ва таклиф қанчалик қизиқтирганини кўрсатади.
- Саҳифа конверсияси — саҳифага ёки лендингга кирганлардан нечтаси сўров қолдирди (ёзди, қўнғироқ қилди, форма тўлдирди). Саҳифа ишонч уйғотадими, таклиф тушунарлими — шу ерда кўринади.
- Сўровдан сотувга — ёзганлардан нечтаси мижоз бўлди. Бу савдо бўлимининг кўрсаткичи: жавоб тезлиги, гаплашиш сифати, нарх.
- Такрорий харид — бир марта олганлардан нечтаси қайтиб келди. Маҳсулот ва хизмат сифатининг кўрсаткичи.
Ҳар бир босқич алоҳида одамга “тегишли”: биринчиси — таргетолог, иккинчиси — контент ва сайт, учинчиси — сотувчи. Шунинг учун “реклама ишламаяпти” деган гап кўпинча нотўғри манзилга айтилади.
Қандай ҳисобланади: оддий мисол
Бир ойда:
- Реклама 100 000 кишига кўрсатилди, 2 000 киши босди → CTR 2%
- 2 000 кирганнинг 100 таси ёзди → саҳифа конверсияси 5%
- 100 сўровдан 15 таси сотиб олди → сотув конверсияси 15%
- Рекламага 10 млн сўм кетди → битта сўров 100 000 сўм, битта мижоз 667 000 сўм
Охирги икки рақам — бизнес эгаси учун энг муҳими. Агар битта мижоз 667 000 сўмга тушса ва у 2 млн сўм фойда келтирса — реклама ишлаяпти. Агар 500 000 сўм фойда келтирса — ишламаяпти, гарчи CTR яхши бўлса ҳам.
Конверсияни фоизда эмас, пулда ҳам қаранг: битта сўров нархи ва битта мижоз нархи. Фоиз — диагностика, пул — қарор.
Йўқотиш қаерда — қандай топилади
Занжирни ёзиб чиқсангиз, энг паст босқич кўринади. Типик ҳолатлар:
- CTR паст (1% дан кам), қолгани нормал — креатив ёки аудитория муаммоси. Видео, сарлавҳа, таклифни алмаштириш керак.
- CTR яхши, саҳифада сўров йўқ — саҳифа ишонч бермаяпти: бўш профил, ноаниқ нарх, қаерга ёзиш тушунарсиз. Кўпинча СММ ёки лендинг муаммоси.
- Сўров кўп, сотув йўқ — савдо босқичи: жавоб кеч (1 соатдан кейин), скрипт йўқ, нарх айтилиб гап тугайди. Рекламани кучайтириш бу ерда ёрдам бермайди — сўровлар янада кўп йўқолади.
- Сотув бор, қайтиш йўқ — маҳсулот ёки хизматдан кейинги алоқа масаласи.
Битта қоида: аввал энг паст босқични тузатинг, кейин бюджетни оширинг. Тешик челакка кўпроқ сув қуйиш тешикни ёпмайди.
“Нормал” конверсия қанча?
Соҳа, нарх ва каналга қараб жуда фарқ қилади, шунинг учун бошқа бизнес рақамига қараманг. Ишончли йўл — ўзингизнинг ўтган ойингиз билан солиштириш: бу ой саҳифа конверсияси 5% дан 7% га чиқдими — ўсиш, 3% га тушдими — қидириш керак.
Саноқ бошланиши учун учта нарса етади: реклама кабинетидаги кўрсатиш ва босишлар, Инстаграм ёки сайтдаги сўровлар сони (Директ, қўнғироқ, форма), ва сотувлар рўйхати. Жадвал — Excel ёки CRM. Автоматлаштириш кейин; аввал оддий ҳисоб.
Конверсияни қандай ошириш мумкин
Ҳар босқич учун ўз усули:
- Реклама: бир вақтда 3–4 креатив синаш, ишламаганини ўчириш; таклифни аниқ айтиш (“20% чегирма” эмас, “шу ҳафта буюртма берсангиз, ўрнатиш бепул”).
- Саҳифа: биринчи экранда нима сотилиши ва нарх оралиғи; реал фото ва видео; сўров қолдириш 2 босишда. Таргет реклама учун кўпинча алоҳида квиз-лендинг яхши ишлайди — одам 3–4 саволга жавоб бериб рақамини қолдиради.
- Сотув: сўровга 15 дақиқа ичида жавоб; савол-жавоб скрипти; нархдан кейин кейинги қадам таклиф қилинади (учрашув, ўлчов, намуна).
- Такрорий: хариддан кейин 1 хабар, Телеграм канал, мавсумий таклиф.
Якун
Конверсия — мураккаб термин эмас, оддий бўлиш: неча киши келди, неча киши кейинги қадамга ўтди. Занжирни бир марта ёзиб чиқсангиз, кейинги савол ўзи туғилади: қайси босқич энг заиф ва уни ким тузатади.
Занжирингизни бирга ҳисоблаб кўрмоқчи бўлсангиз — бепул консультацияда реклама кабинети ва сўровлар рақамларини олиб келинг, 30 дақиқада қаерда йўқотиш борлигини айтамиз.